60 дан ортиқ аъзо мамлакатлар делегациялари қамраб олган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф.Эшматова ҳам иштирок этди.
Тадбирда қайд этилишича, гиёҳвандлик муаммосини ҳал этиш ва унга қарши курашиш инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу кураш жамиятда соғлом, хавфсиз ва барқарор муҳитни яратишга хизмат қилади. Гиёҳвандлик одамларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига жиддий зарар етказиш билан бирга жиноятчилик ва ижтимоий муаммоларни кучайтириши мумкин. Айниқса унинг ёшлар орасида авж олиши уларнинг таълим олиш ҳуқуқига ва шахсий ривожланишига тўсқинлик қилади.
Шу нуқтаи назардан мазкур тадбирда БМТга аъзо давлатлар ўртасида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ глобал муаммони ҳал қилиш ва унга қарши курашишнинг самарали стратегиялари бўйича мулоқот қилинди.
Махсус тадбирда сўз олган Омбудсман Ф. Эшматова ўз нутқида 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси ҳисобланган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этишда ягона фронт бўлиб ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» тўғрисидаги резолюциянинг барча аъзо давлатлар учун муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияга тўлиқ мос келиши қайд этилди. Ўзбекистон «Барча саъй-ҳаракатлар инсон қадри учун» деган устувор ғоя асосида аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан «иммунитет»ни шакллантириш орқали аҳолимизга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш, фуқароларнинг сифатли тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш, гиёҳвандликка чалинган беморларни жаҳон стандартлари асосида тиббий-даволанишини ташкил этиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.-деди Омбудсман.
Маълумот учун: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз фаолияти давомида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг Марказий Осиё минтақасидаги вакили билан ҳамкорлик қилиб келади.
Тадбирда шунингдек Куба, АҚШ, Швейцария, Қозоғистон, Хитой, Миср, Нигерия, Эрон ва Тожикистон вакиллари ҳам сўз олиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати