Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган айрим тадбиркорлик субъектлари турли баҳоналар билан қурилиш ишларини хаттоки бир неча йилларга кечиктираётгани ёки айрим ҳолларда фуқароларнинг фирибгарлар тузоғига илиниш ҳолатлари ҳам учраб турибти.
Мана шундай ҳолга тушиб қолмаслик учун баъзи тавсияларимизга қулоқ тутинг.
Авваламбор, қурувчи компания ишончли ва қонуний фаолият юритаётганини билиш учун, ундан
- қурилиш фирмасининг гувоҳномаси ва устави
- ерни аукционда ютиб олинганлик баённомаси
- қурилиш лойиҳасини шаҳарсозлик кенгашидан ўтказилганлиги ва келишганлиги ҳақидаги ҳужжат
- қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилишни бошлашга оид берилган рухсатномани талаб қилишингиз зарур.
✔Агарда ушбу ҳужжатлар сизга тақдим этилса, демак қурилиш компанияси қонуний фаолият юритмоқда!
Шунингдек, қурилиш компаниясини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг mc.uz электрон платформасидан рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганлигини текшириб кўришингиз ҳам мумкин.
Керакли ҳужжатлар билан танишдингиз энди навбат сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида тузиладиган шартномага. Бу жуда муҳим!
Чунки, айрим шартномаларда тарафлар жавобгарлигининг тўлиқ белгиланмаслиги, қурилиш муддатларининг кечиктирилиши мумкинлиги ва шунга ўхшаш корхона манфаати кўзланган бандлар ҳам учрамоқда. Бундай вазиятда сотиб олувчи суд орқали бир неча йил аввал тўлаган пулинигина қайтариб олиши мумкин халос. Уй-жойлар нархини ошиб боришини ҳисобга олсак, ушбу маблағ анчагина қадрсизланган бўлади.
Шунинг учун шартномани имзолашдан аввал, юристлар билан маслаҳатлашинг, унда ҳар иккала томон манфаати ва жавобгарлиги белгиланган бўлиши керак. Ҳар бир бандни ўзингиз ҳам ўқиб чиқинг. Агар Сизга шартнома бошқа тилда тақдим этилса, ўзбек тилида берилишини талаб қилишингиз мумкин.
Қолаверса, шартномада квартиранинг неча кв.м экани, ҳар бир кв.м учун қанча ҳақ тўланаётгани, қайси қаватда жойлашгани, кредит тўловлари фоизи, қурилиш қачон тугаши, қурилиш тугаганидан кейин мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш муддати кабилар кўрсатилиши лозим.
Орзуйингиздаги уйга ҳеч қандай низоларсиз эга бўлмоқчи бўлсангиз, албатта тавсияларимизга амал қилинг.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати