Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Финляндиянинг инсон ҳуқуқлари йўналишидаги ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
2024 йилнинг 19 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти ва Хельсинки университети Қонун устуворлиги маркази эксперти, Финляндия Адлия канцлери ўринбосари Микко Пуумалайнен ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Онлайн мулоқот давомида Микко Пуумалайнен жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюриб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти билан танишганини ва Омбудсман Котибияти ходимлари билан мулоқотда бўлганини алоҳида таъкидлади. Ташриф мобайнида Омбудсман институтнинг мурожаатлар билан ишлаш тизимининг рақамлаштирилганлиги, пенитенциар муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари ҳамда маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлганлигини қайд этди.

Шунингдек, эксперт Микко Пуумалайнен мамлакатдаги конституциявий жараёнларда Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилганининг жуда катта янгилик сифатида эътироф этди.

Учрашувда Омбудсман ўринбосари Бекзод Нариманов маъруза билан иштирок этиб,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги фаолият, амалга оширилаётган ҳамда режалаштирилаётган йўналишлар билан таништирди. Маърузада шунингдек, Омбудсман ўз фаолияти давомида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ва ННТ вакиллари билан ҳамкорликда ишлашига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати