Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Туғруқ таътилида бўлган аёлларнинг иш жойи сақланиши лозим
Омбудсманга мурожаат: “Туғруқ таътилидан сўнг мени туғруқ таътилига кетган бошқа ходимнинг ўрнига ишга қўйишди. У ишга қайтгандан сўнг эса мени ишдан ноқонуний бўшатиб юборишди. Нима қилай?

Афсуски, Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманга юборилаётган мурожаатларда айни масалалар ҳам кўтарилиб турибди. 

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 42-моддасига кўра, хомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикси Меҳнат кодексининг 405-моддасига мувофиқ, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши белгиланган.

Мурожаатдаги ҳолатда фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган. Биринчидан туғруқ таътилидан қайтган ходим фаолиятини аввалги лавозимида давом эттириши керак эди. Қонунчиликка кўра, унинг иш жойи (лавозими) бошқа ходимга берилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикси Меҳнат кодексининг 558-моддасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ва асослари таърифини ўзгартириш ҳақидаги, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги якка тартибдаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилиши белгиланган.

Эсда тутинг, ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича судга мурожаат қилиш муддати  — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ойни ташкил этади.

Меҳнат кодексининг 562-моддасига мувофиқ, ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат этганда суд харажатларидан яъни давлат божидан озод қилинади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати