Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ва болаларга қаратилган жиноятларни таснифлаш: самарали ҳамкорлик ва мулоқот йўллари
2024 йилнинг 21-23 октябрь кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ҳамда болаларга қаратилган жиноятларни таснифлаш ва улар билан самарали ҳамкорлик ва мулоқот қилиш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Болалар омбудсмани Котибиятлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Тадбирнинг асосий мақсади тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга нисбатан содир этилган жиноятларни холис ва тўғри таснифлаш, жабрланганларни қўллаб-қувватлашда давлат идоралари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмларини ривожлантиришдан иборат бўлди.

Семинарда қатнашчилар турли амалий машғулотлар орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ва болалар билан мулоқот қилишнинг самарали усуллари, уларни руҳий, ҳуқуқий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлларини ўрганишди. Шунингдек, маиший ва оилавий зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва болаларга қаратилган жиноятлар, гендер тенглиги, зўравонлик оқибатлари, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун идоралараро ҳамкорлик, агрессорлар билан ишлаш услублари бўйича кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлишди.

Интерактив усулда ўзаро савол-жавоб ва қизғин муҳокамаларга бой бўлган 3 кунлик семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Умумий манфаатларни излаш Халқаро нотижорат ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Қайд этиш лозимки, ушбу халқаро нотижорат ташкилоти 50 дан ортиқ давлатларда филиалига эга бўлиб, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ҳамда болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати