2024 йилнинг 19 ноябрь куни Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Австрия Омбудсманлар Кенгаши раиси Габи Шварц билан учрашди. Австрия Омбудсманлар кенгаши биносида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Австрия Омбудсманлари мулоқоти бўлиб ўтди. Улар фаолияти билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашинилди.
Австрия Омбудсманлар Кенгаши 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси давлат органлари фаолияти устидан назорат ўрнатишдан иборат. У қамоқхоналар ва кексалар пансионатидаги ҳолатни, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган шароитлар ва дастурлар ижросини назорат қилади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича мурожаатларни кўриб чиқади.
Учрашув давомида томонлар инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги тажриба ва янгича ёндашувлар бўйича фикр алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Австрия Омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, Австрия Омбудсманлари кенгаши ва Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўртасида ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шу куни шунингдек, Австрия Омбудсмани ҳузуридаги Маслаҳат Кенгаши аъзолари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Австрия Омбудсманлари кенгаши раҳбари 2022 йилдан Халқаро Омбудсманлар Институти (IOI) Бош котиби этиб сайланган.
1978 йилда ташкил этилган Халқаро Омбудсманлар Институти (IOI) дунё бўйлаб 100 дан ортиқ мамлакатдаги 200 дан зиёд омбудсман институтлари ҳамкорлигини таъминловчи ягона глобал ташкилотдир. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман) ҳам Халқаро Омбудсманлар Институтининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати