Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мониторинги: Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатлари ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларидаги минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларга навбатдаги мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Қайд этиш лозимки ушбу ўрганишлар давомида ушбу пенитенциар муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”ларида қолдирилган мурожаатлар қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги жазони ижро этиш департаментининг 27-сон манзил колониясида ўтказилган мониторинг жараёнида маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.

Колонияда кенг кўламли капитал таъмирлаш ишлари олиб борилгани, шу жумладан, спорт майдончаси, ошхона ва ювиниш хоналари керакли жиҳозлар билан таъминлангани аниқланди.

Мониторинг ташрифи давомида 20 нафарга яқин маҳкум ва маҳкумалар билан якка тартибда учрашилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

Хоразм вилояти Гурлан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли мастлик ҳолатида бўлган фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш пунктидаги аввалги мониторингда аниқланган санитария талабларига оид камчиликлар бартараф этилганлиги аниқланди.

Шунингдек, Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси Хамро Бектемировлар 11-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширишди.

Унда маҳбусларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатилиши ва бошқа шароитлари ўрганилди. Мониторинг доирасида вояга етмаганлар ва аёллар билан учрашув ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари ўрганилди ҳамда маҳбусларнинг яқин қариндошлари билан суҳбатлар ўтказилди.

Бухоро вилоятидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида ўтказилган мониторингда муассасанинг санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эканлиги аниқланди.

Бироқ, спорт зали, ёзги футбол майдончаси қуриш ва гинеколог ҳамда стоматолог лавозимларини жорий этиш зарурияти борлиги аниқланди.

Наманган вилояти Чуст туманидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ўтказилган мониторинг ташрифида видеокузатув камералари ва иссиқлик таъминоти тизими тўлиқ ишлаётганлиги маълум бўлди. Аммо аутсорсинг хизмати томонидан тайёрланадиган таомномада камчиликлар кузатилди.

Шунингдек, ҳибсхонада сақланаётган 17 нафар шахс билан якка тартибда учрашув ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди ва баъзиларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати