Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман фаолиятига оид 10 та факт
Инсонларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича Омбудсман қандай таъсир чораларини қўллаши мумкинлиги ҳақида биласизми? Сизни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонундаги энг муҳим 10 та факт билан таништирамиз.

1-факт. Омбудсман мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

2-факт. Омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

3-факт. Қонунда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакилларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди. Улар зарурат бўлса мутахассислар жалб қилган ҳолда масалани жойига чиқиб ўрганишлари мумкин.

4-факт. Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида «Омбудсман қутиси»ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, қийноқларнинг олдини олиш бўйича фаолиятга кўмаклашиш учун жамоатчилик асосида амал қиладиган жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиши белгиланди.

5-факт. Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда тегишли давлат органлари ва ташкилотларига огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома таъсир чораларини киритиши мумкин.

Тақдимнома ташкилот мансабдор шахслари томонидан кечиктирмай кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқларини бузилиш хавфи бўлган ҳолатларда тегишли ташкилотлар Омбудсман томонидан огоҳлантирилиши мумкин.

Омбудсман томонидан ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида илтимоснома, қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича талабнома киритилиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, Омбудсман фуқаролар манфаатида судларга аризалар ва даъволар, шикоятларни ўрганиш натижаларига кўра, фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича ўз хулосасини юбориши ҳам мумкин.

6-факт. Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланди. Бу фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларга қонунчилик орқали ечим таклиф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.

7-факт. Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

8-факт. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан муқобил маъруза тайёрлаш ва тегишли халқаро ташкилотларга тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Омбудсман ушбу маърузаларни фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ишлаб чиқади.

9-факт. Давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида, шу жумладан Олий суд Пленуми мажлисларида Омбудсманнинг иштирок этиш ҳуқуқи кафолатланди.

10- факт. Омбудсман ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига ўз фаолияти тўғрисида маъруза тақдим этиши керак.

Шу каби маълумотлардан хабардор бўлиб туришни хохласангиз саҳифамизни кузатишда давом этинг ва инсон ҳуқуқларига доир билимларингизни янада бойитинг!

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати