Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўқувчиларга экологик ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашга қаратилган муҳим кўникмалар берилмоқда
Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган "Омбудсман соати" лойиҳаси доирасидаги дарслар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Бу лойиҳа ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилингани муносабати билан мактабларда ўқувчиларнинг экологик ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунишга қаратилган навбатдаги “Омбудсман соати” дарслари ўтказилди.

Лойиҳа доирасидаги тадбирлар Нукус туманидаги 1 ва 21-сонли, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 25, 26, 29 ва 31-сонли, Андижон шаҳридаги 3 ва 39-сонли, Хоразм вилояти Янгибозор  туманидаги 4 ва 5-сонли, Сурхондарё вилоятидаги 28-сонли умумтаълим мактаблари ҳамда Бухоро шаҳридаги 23 ва 42-сонли Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари учун ташкил этилди.

“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш - келажакка ғамхўрлик” мавзусида ўтказилган дарсларда интерактив методлардан фойдаланилиб, ёшларга мавзу доирасида Омбудсман томонидан тайёрланган видеодарс намойиш этилди. Шунингдек, ўқувчилар билан мавзуга доир билимлари янада мустаҳкамланиши ҳамда дарсларда олган маълумотлари янада эсда қоларли бўлиши учун савол-жавоб ва қизғин муҳокамалар олиб борилди.

Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан ўтказилган очиқ мулоқотларда ўқувчи ёшларга табиатни асрамасдан инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мумкин эмаслиги тушунтирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати