Ҳафта давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Бухоро вилоятларида навбатдаги “Омбудсман мактаби” тадбирлари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманида ўтказилган тадбирда “Ақмангит”, “Тўқтов”, “Ақтерек”, “Қутанкўл” ва “Тақиркўл” маҳалларида яшовчи 150 нафардан ортиқ аҳоли қамраб олинди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда иштирокчиларга ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ажратилиши, ҳудудларда “ижтимоий карта” тизимининг жорий этилиши, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда белгиланган имтиёзлар борасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан сайёр қабул ҳам ташкил этилди.
Бундан ташқари, аҳолининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари тўғрисидаги билими ҳамда хабардорлигини ошириш мақсадида туман ва шаҳарларда бир қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ташкил этилган “Омбудсман мактаби” тадбирига туманнинг “Тошработ” ва “Ванғози” ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туманида ўтказилган тадбирга “Ниёз ҳожи”, “Сухор” ва “Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролари жалб қилиниб, уларнинг ҳуқуқий хабардорлиги оширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати