Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сенаторлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди
Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Мазкур масала юзасидан Омбудсман Феруза Эшматова сўзга чиқди.

Таъкидланишича, ҳисобот йилида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 18738 та мурожаат келиб тушди. 

Шахсий ҳуқуқлар ва эркинликларга оид мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида Омбудсман мурожаатига асосан масъул идоралар томонидан 15 та жиноий ва 6 та маъмурий, 9 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та текширув ўтказилди.10 нафар фуқаро ишга тикланди

Омбудсман мурожаатига асосан суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 6 та протест киритилди.Мурожаат қилувчилар устидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 29 та қарор бекор қилинди.

Ҳисобот йилида Омбудсман Қонунда белгиланган ваколатидан фойдаланиб ҳамда жисмоний шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари масаласида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига кўриб чиқиш учун 1 та масала киритди.

Йиғилишда Омбудсман томонидан айрим мансабдор шахсларнинг қонун нормалари ва талабларига нисбатан эътиборсизлик билан муносабатда бўлиши, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга юзаки ёндашиши, инсон ҳуқуқлари борасидаги ҳуқуқий асосларни тўлиқ билмаслиги ҳамон фуқаролар ҳуқуқлари бузилишининг жиддий сабабларидан бири бўлиб қолаётгани қайд этилди.

2021 йилда Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда 177 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур ташрифлар 2020 йилда 76 маротабани ташкил этган.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 2021 йил давомида амалга оширилган мониторинг ташрифлари якунлари юзасидан муаммо ва таклифлардан иборат 16 та таҳлилий маълумотномалар, 2 та таҳлилий ахборот ҳамда 1 та тақдимнома тайёрланган.

Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан тақдим этилган маълумотномаларга кўра, мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларга йўл қўйган 3 нафар ходим интизомий жазоланган, 1 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 3 нафар ходим Интизомий кенгашларда муҳокама қилинган ва 1 нафар ходим огоҳлантирилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан камчиликларга йўл қўйган 4 нафар ходим интизомий жазоланган ҳамда аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг 2 нафар масъул ходими эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланган.

Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан Омбудсманга такрорий мурожаатлар сонини камайтиришга, вазирлик, давлат идоралари ҳамда нодавлат ташкилотлари билан биргаликда маҳаллаларда фуқароларни ҳуқуқий маданияти ва билимларини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш ҳамда мурожаатларда қайд этилган муаммоларни жойида ҳал этиш борасида тегишли тавсиялар берилди.

Муҳокамалар якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи сенаторлар томонидан маъқулланди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати