Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанддаги 37-сон манзил-колониясидаги маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди
2022 йилнинг 14 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов, вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят ИИБ,  Бандлик Бош бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш бошқарма масъул ходимлари билан Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 37-сонли Манзил-колониясида сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулни ташкил этишдан мақсад - ушбу муассасада сақланаётган 702 нафар маҳкум ва маҳкумаларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш билан бирга мурожаатларни қабул қилишдан иборат эди.

Тадбирнинг 1-босқичида Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан махсус ускуналар билан жиҳозланган  2 та автобус ва 6 хил турдаги кўчма тиббий ускуналар жазони ижро этиш манзил-колониясига олиб келинди. 16 нафар тажрибали тиббий ходимлар соат 09:00 дан бошлаб 218 нафар маҳкум ва маҳкумаларни 14 хил турдаги тиббий кўрикдан ўтказишди.

Бундан ташқари, тадбирнинг 2-босқичда Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили, вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси, 37-сонли жазони ижро этиш манзил-колонияси раҳбари, вилоят ИИБ,  вилояти Бандлик Бош бошқармаси ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси иштирокида 120 нафар маҳкум ва маҳкумалар билан жамоавий учрашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбирнинг сўнгги босқичи сифатида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи биргаликда маҳкум ва маҳкумаларнинг  мурожаатларини қабул қилишди. Сайёр қабулда 24 нафар шахсларнинг мурожаатлари олинган бўлса, уларнинг 10 нафарига жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, қолган 14 та мурожаат ўрганиш ва чора кўриш учун олиб кетилди.

Омбудсманнинг минтақавий вакили 37-сонли Манзил-колониясида  раҳбариятига ҳудудда аёлларни кўплигини ҳисобга олиб “Оналар боғи” ташкил этиш бўйича тавсия берди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати