Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Наманган вилоятидаги ёпиқ муассасалар шароитлари ўрганилди
2022 йилнинг 21-22 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти ходимлари ва Омбудсманнинг Намангандаги минтақавий вакили томонидан Намангандаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Дастлаб, Намангандаги ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги  маҳбусларни яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари ўрганилди. Мониторинг давомида ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий суҳбатлар ўтказилиб, ўз мурожаатларини қолдиришлари мумкинлиги тушунтирилди.

Шунингдек, вақтинча сақланаётган шахслар билан ўтказилган яккама-якка тарздаги суҳбатларда сақлаш ҳибсхонасидаги ходимларнинг уларга нисбатан муносабати, қийноқ ҳолатлари бўйича фикрлари ўрганилди.

Омбудсман Котибияти ходимларининг кейинги манзил вилоят руҳий-асаб касалликлар шифохонаси бўлди. Ўрганиш жараёнида шифохонада беморларга тиббий муолажалар кўрсатиш учун етарли шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлинди. Лекин, беморларга ажратилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш бўйича камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Республика ихтисослаштирилган наркология  илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят минтақавий филиали ўрганилганида, қайта реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлсада, беморларга қулай шарт-шароитлар яратилгани аниқланди.

Уйчи туманидаги 6-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган мониторинг ташрифида ҳам маҳбусларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари бўйича камчиликлар аниқланмади. Ҳибсхона биносининг катта эканлиги ва маҳбуслар сонидан келиб чиқиб “Омбудсман қутиси”ни ҳар бир қаватга жойлаштириш тавсия этилди. Мониторинг ўтказилган кунда бинода биттагина “Омбудсман қутиси” бор эди.

Шунингдек, Наманганга ташриф доирасида Поп туманидаги жазони ижро этиш колонияси ҳамда вилоят ИИБ Махсус қабулхонасидаги шароитлар ҳам ўрганилиб, таклиф ва тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати