Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Кўринмас” болалар
Ўзбекистонда болаларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларнинг йўқлиги ҳолатлари учрамоқда. Шу тариқа, болалар ижтимоий ҳимоя тизими ташқарисида, яъни давлат органлари учун “кўринмас” бўлиб қолмоқда – улар таълим, тиббий ва ижтимоий ёрдамдан мосуво қоляпти, улар чет элга чиқа олмайди, мерос ҳам ололмайди. Болалар омбудсмени Алия Юнусова бу ҳолат давлат органларининг бундай болаларни аниқлаш бўйича ҳаракатлари етарли даражада мувофиқлаштирилмагани, бу ҳам бюрократик ёндашув, балки ўз вазифаларига, жумладан, ота-оналарга нисбатан бепарво муносабатнинг оқибати эканлигини таъкидлайди. Бу омиллар болаларнинг исми, фамилияси, фуқароликка бўлган бузилган ҳуқуқларини тиклашга тўсқинлик қилади.

— Яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтказилган мониторинг доирасида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган 300 нафар шахс, шу жумладан, болалар аниқлангани ҳақида хабар берган эдингиз.

– Ҳаммаси тўғри. Бу маълумот мени қизиқтирди, чунки мен яқинда шунга ўхшаш иш билан шуғуллангандим – 10 йил давомида ҳужжат ололмаган Анна исмли қиз. Бувиси кўплаб идораларга мурожаат қилган, лекин ҳамма жойда у таскин бермайдиган, шунчаки расмиятчилик учун бериладиган жавобларни олган.

Агар боланинг қонуний вакили бўлмаса, онаси бошқа жойда бўлса, у ҳолда бу “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қизча ота-она қарамоғисиз қолганлиги сабабли унинг ижтимоий ҳимоясиз қолганлигини англатади. Бувисининг қонуний васий эканлигини кўрсатадиган ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Натижада, қизча кўп йиллар давомида мактабга бора олмаган.

Қиз менга мурожаат қилди, у онасининг олдиган бормоқчи эканлигини айтди, лекин кетиш учун ҳужжатлари йўқ эди. Болалар ҳуқуқлари бўйича Вакил идораси бу ҳолатни ижобий ҳал қилиб берди. Суд қарори асосида унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди.

– Васийлик органлари ҳақида нима дейиш мумкин?

– Баъзида шунчаки уларнинг позицияси тушунарсиз бўлади. Ахир бу ҳужжати йўқлиги туфайли мактабга бора олмаётган боланинг тақдири-ку. Тўсатдан ўзига нимадир бўлишидан ва бу бола ким билан қолишидан хавотирда бўлган бувисининг ҳам тақдири. Биз қўшимча равишда Халқ таълими вазирлигига ҳам, васийлик ва ҳомийлик органларига ҳам сўров юбордик. Бу масалани ҳал этиш юзасидан Олий суддан маслаҳат олдик. Сўнгра васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга даъво аризаси тақдим этилди. Шуни таъкидлашни истардимки, ота-онанинг васийлиги бўлмаган ҳолларда васийлик органлари боланинг қонуний васийи ҳисобланади ва бола учун жавобгар бўлади. Бу Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 142-моддасида, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Васийлик органлари ушбу болаларнинг манфаатларини кўзлаб ишлашлари шарт. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча бошқармалар ўртасида мазкур масала юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Бола ҳуқуқлари ҳақида гапирадиган бўлсак, асосий ҳуқуқлардан бири боланинг индивидуаллик ҳуқуқидир. Яъни, агар боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлмаса, демак, шунга кўра, унинг барча ҳуқуқлари автоматик равишда бузилади. Бола бор, лекин ҳужжатларга кўра у мавжуд эмас.

Вилоят ҳокимлари бола ҳуқуқлари бўйича комиссиялар раислари бўлганлиги сабабли вилоят ҳокимликларига тегишли кўрсатма ва сўровлар юборилди. Самарқанд вилоятининг икки туманида бу ҳолат алоҳида ўрганилди.

– Бунинг сабаби нимада?

– Биз тўрт нафар фарзандининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқ оила билан учрашдик. Бунинг сабабини жойида ўргандик. Бу оиланинг энг катта фарзанди 10 ёшда, ҳали ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси йўқ. Маълум бўлишича, боланинг ота-онаси билан никоҳсиз яшайди. Сабаби, болаларнинг онасида паспорт йўқ. Икки фарзанд уйда, иккитаси тиббиёт муассасасида дунёга келган. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома йўқ. Бу ҳолат кишини ҳайратда қолдирди.

Аёлнинг паспорти бўлмагани учун эркак ва аёл никоҳни расмийлаштира олмаган. Савол: Бундай муаммоларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатиши керак бўлган ички ишлар органлари қаерда эди? Бу йиллаб давом этмаслиги керак. Аёл қайта-қайта ҳомиладор бўлган, яъни у маҳаллада, поликлиникада пропискада бўлиши, туғилганидан кейин рўйхатга олиниши керак эди ва ҳоказо.

– Демак, болалар эмланмаган, тегишли тиббий кўрикдан ўтмаган …

– Ҳа, баъзан жойида оддий ҳақиқатларни тушунтиришга тўғри келади. Болалар боғчага, мактабга боришмаган. Натижада бу болалар соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидан ҳам чиқиб кетишади, улар “дафтарлар” тизими орқали ҳам ёрдам ололмайди.

Кейин биз бошқа оилага бордик, биринчи аёлнинг иши бўйича тажрибага эга бўлганимиз учун, бир ҳафта ичида эркакка ҳужжатлар берилди.

– Қандайдир қўлда бошқаришга ўхшайди … 

–  Бюрократик характерга эга муаммолар ҳам бор. Ҳозирда 300 нафар ҳужжатсиз фуқародан 200 нафарга яқини боласининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлишди. Бу борадаги ишлар янги ташкил этилган болалар ҳуқуқларини таъминлаш тизими, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш бўлимлари фаолияти туфайли тезкорлик билан амалга оширилди. Яқин келажакда қўшимча сўровлар юборамиз.

Қолган ҳолатлар бўйича ҳужжатлар ФҲДЁ ёки адлия органларига юборилди. Агар бола 16 ёшга тўлмаган бўлса, ҳужжатлар билан боғлиқ масала ФҲДЁ томонидан ҳал қилинади. 16 ёшдан кейин бу судда амалга оширилади.

Омбудсман боланинг ҳужжатсиз қолиб кетиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда маҳалла ҳокимиятлари нима сабабдан бонг урмаганидан хавотирда эди.

Мансабдор шахслар учун бир кун – бу шунчаки оддий бир кун. Болалар ҳуқуқлари бўйича Вакил идорасида эса биз ҳар бир кун муҳим рол ўйнайдиган боланинг тақдири ҳақида гапирамиз. Ушбу бекор тўхталиб турган вақт боланинг Ўзбекистон Республикаси қонуни, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция билан кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайди.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш керак. Бундай ҳолатларнинг ҳар бир аниқланиши билан васийлик органлари дарҳол жавоб беришга ва боланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун барча чораларни кўришга мажбурдирлар. Биринчидан, исм, фамилия, фуқаролик ҳуқуқи ва шунга мос равишда унга кафолатланган барча ҳуқуқлар. Мансабдор шахсларнинг ҳар қандай эътиборсизлиги болани болаликдан маҳрум қилади.

– Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай тизимли ишларни амалга ошириш зарур?

– Болаларда ҳужжат йўқлиги билан боғлиқ бу ҳолат ҳар бир вилоят, туман (шаҳар) ҳокими қатори алоҳида назоратимизда ҳам бўлиб, катта эътирофга сазовор бўлди.

Афсуски, ўз фарзандининг қонуний вакили бўлиб, фаоллик кўрсатмай, болаларни рўйхатга олишни кечиктираётган ота-оналарнинг ҳам маълум бир айби бор. Булар чекка ҳудудлар, қишлоқлар бўлиши мумкин, шу билан бирга ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ҳозир болаларни рўйхатга олишнинг электрон тизими яхши ишлаяпти, лекин бундан 10-15 йил аввал содир бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Биз болаларнинг ҳар қандай вақтда бузилган ҳуқуқларини тиклаймиз. Айни пайтда давлат органларида ҳам бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмаслиги, уларни зудлик билан ҳал этиш зарурлигини тушунтириб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бола ҳуқуқлари ўзаро боғлиқ ва ажралмасдир. Бу ерда, албатта, уларни бузган шахслар жавобгарликка тортилиши керак.

Шунингдек, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда масъул давлат органлари – соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, халқ таълими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари, шунингдек, болалар манфаатлари йўлида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Дана Опарина