Мурожаатчининг ёзишича, унинг онаси автоҳалокатга учраб, И.Иргашев номли 4-сон шаҳар клиник шифохонасига олиб борилган. Шифохонада биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб Республика нейрохирургия марказига тиббий текширув ўтқазилиши ва муолажалар тайинланиши учун юборилган. Орадан 3 кун ўтгач, нафақада бўлган беморнинг аҳволи оғирлашиб, оғриқ кучайган. Беморнинг яна ўша шифохонага олиб боришганида унинг аҳволи оғир бўлишига қарамай қабул қилинмаган.
Бемор қизининг маълум қилишича, бемор травматолог ва хирург орасида “мени касалим эмас” деган важ билан сарсон қилинган, шифохона ҳамшираси эса улар билан қўпол муомалада бўлиб, беморни ташқарига чиқариб юборган.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолатни ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилиши бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат юборилди.
Вазирликнинг жавоб хатида баён этилишича беморга 4-сон ШКШ тиббиёт ходимлари томонидан кўрсатилган тиббий ёрдам амалдаги стандартлар асосида кўрсатилган, лекин рентген текширувида қовурғалардаги дарз кетиш жароҳати мутахассис томонидан аниқланмасдан хатоликка йўл қўйилган. Ҳамширанинг қўпол муомалада бўлганлиги ҳам ўз исботини топган.
Шу муносабат билан, хато ва камчиликларга йўл қўйган 4 нафар тиббиёт ходимларига 4-сон ШКШ маъмурияти томонидан "Ҳайфсан" интизомий жазо чораси қўлланилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати