Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
 “Омбудсман клуби”га аъзо энг фаол талабалар тақдирланди
2022 йилнинг 6 октябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Мазкур учрашувни “Омбудсман клуби”га аъзо бўлиш истагида бўлган талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш ва улар билан ўзаро фикр алмашиш ҳамда фаол клуб аъзоларини тақдирлаш мақсадида ташкил этилди.

Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова талабаларга Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди.

Таъкидланишича, ҳозирда дунёнинг 200 га яқин мамлакатида Омбудсман институти жорий этилган ва улар мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. МДҲ давлатлари орасида эса Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб 1995 йил 23 февраль куни Омбудсман институти жорий этилган. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) кўплаб фуқароларнинг жумладан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди

Омбудсман – бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид масалалар ҳақида бонг урадиган мустақил ташкилот ҳисобланади. Қонун бузилишига оид ҳолатлар эса фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида аниқланади. Бизнинг вазифамиз, нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки масалаларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш ва уларни тизимли бартараф этишдир. Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи эса қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришда муҳим восита ҳисобланади – деди Омбудсман Феруза Эшматова.

Тошкент давлат юридик университети талабалари ва магистрлари иштирок этган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди.

Самимий руҳда ўтказилган учрашув “Омбудсман клуби”га аъзо энг фаол талабаларга фахрий ёрлиқлар топшириш маросими билан якунланди. Фаол клуб аъзолари сифатида Магистратура Давлат бошкаруви факультети1-босқич талабаси Диёра Абдуллаева, Халқаро ҳуқуқ факультети 4-босқич талабаси Динора Султонова, Оммавий Ҳукук факультети 4-босқич талабаси Барно Бобомуродова ҳамда Халқаро ҳуқуқ факультети 4-босқич талабаси Динара Саидариповалар эътироф этилди.

Тадбирда таъкидланишича, “Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари ва амалиёт ўташлари мумкин.

Учрашув савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, “Омбудсман клуби”га ТДЮУнинг 2-4 курс талабалари ва 1-2 курс магистрантлари қабул қилиниши мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати