Мустақил комиссия аъзоларининг Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича бўлиб ўтаётган суд жараёнларида иштирок этиши давомида бу борада юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатлар ўрганиб чиқилди ҳамда уларга ойдинлик киритилишини сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилинди.
Мурожаатда оммавий тартибсизликларни содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди.
Суд-тергов жараёнлари иштирокчиларига оид якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан, бу хақда Мустақил комиссия томонидан жамоатчилик хабардор этилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати