Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман томонидан фуқаролар манфаатида судга киритилган яна бир даъво аризаси қаноатлантирилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсманнинг) ҳудудлардаги минтақавий вакиллари доимий равишда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш билан бирга “Мурувват” уйларидаги шароитларни ҳам ўрганишади.

Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимовнинг Сирдарё “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйига амалга оширган ўрганишларида бир гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Шундан сўнг, давлат қарамоғида бўлган 5 нафар имконияти чекланган фуқаронинг тегишли маълумотлари тўпланиб, уларнинг туғилганлик фактини тасдиқлаш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига Омбудсман томонидан даъво аризаси киритилди.

Шу йилнинг декабрь ойида Сирдарё “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Омбудсман даъво аризаси қаноатлантирилди.

Шунингдек, Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Навоий вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансери ҳамда Нурота “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган эркаклар интернат уйига қилинган мониторинг ташрифлари давомида ҳам 4 нафар фуқароларда шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилининг саъй-ҳаракатлари, вилоят Ички ишлар бошқармаси, унинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ҳамкорлигида тўрт нафар фуқарога шахсини тасдиқловчи ID карталар расмийлаштирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати