Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ва АҚШ IRI Халқаро Республика Институти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди
АҚШ IRI Халқаро Республика Институти вакилларидан иборат делегация аъзоларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида “Фуқаролар манфаатларига йўналтирилган қонун ижодкорлиги бўйича ишончли парламент тадқиқотлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ва Халқаро Республика институти Марказий Осиё, Россия, Кавказ, Беларус ва Украинадаги дастурлари билан Евроосиё бўйича катта минтақавий директори Стивен Никс кириш сўзлари билан очиб беришди.

Давра суҳбатида тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан Конституциявий ислоҳотлар ҳамда унда фуқароларимиз ва фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

АҚШ Собиқ Конгрессмени Питер Роскам Ўзбекистоннинг Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдаги саъйи-ҳаракатларини ижобий баҳолади. У ўз сўзида америкалик сиёсатчи ва дипломат, АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон томонидан ишлаб чиқилган «Америка Қўшма Штатлари мустақиллик Декларацияси»ни мисол сифатида келтирилди ва уни ишлаб чиқиш ҳам маълум бир вақт талаб этганлигини қайд этди.

Шунингдек, фуқароларнинг конституциявий ислоҳотлардаги иштироки борасидаги АҚШ тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтди.

АҚШ IRI Халқаро Республика Институти вакилларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари билан ҳам учрашишди. Учрашув давомида Халқаро Республика Институти томонидан ҳамкорлик бўйича таклиф этилган “Йўл харита”си лойиҳаси муҳокама қилинди.

Учрашув жараёнида меҳмонлар Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, жумладан мурожаатлар билан ишлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ҳамда халқаро ҳамкорлик борасида фаолияти билан таништирилди.

Халқаро Республика Институти вакиллари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)ни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Шу билан бирга, Халқаро Республика Институти вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтишни ва ўз офисини очишни режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.

Учрашув конструктив мулоқот, ўзаро англашув муҳитида ҳамда дўстона руҳда ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати