Ўтказилган мониторингда мазкур тергов ҳибсхонасида маҳкум ва маҳкумалар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, дори-дармонлар таъминоти ва бошқа жиҳатлар ўрганилди.
Ўтказилган мониторинг давомида камералардаги эркак ва аёллар ҳамда сайлгоҳдаги 53 нафар айбланаётган шахслар билан жамоавий суҳбатлар ўтказилиб, улар фикрлари ўрганилди.
Шундан сўнг, Омбудсман қутиси кўрилганда жами 9 нафар мурожаат борлиги аниқланди. Қайд этиш лозимки, “Омбудсман қути”лари фақат Омбудсман ходимлари томонидан ҳар икки ҳафтада очилади ва мурожаатлар ижрога қаратилади.
Мониторинг доирасида мурожаат қолдирган шахсларнинг барчаси билан ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ариза ва шикоятлари қабул қилинди. 2 нафар мурожаатчи Омбудсман минтақавий вакилининг суд мажлисидаги иштирокини сўраган бўлса, бир нафари тергов ҳибсхонаси ходими устидан руҳий босим ўтказаётгани бўйича шикоят қилди. Мазкур мурожаат ўрганилганда ушбу ходимга нисбатан ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 2-сон Минтақавий Мувофиқлаштирувчи маркази томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги маълум бўлди. Мазкур мурожаат назоратга олинди. Қолган 6 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати