Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Хотини ва ўғлига зўравонлик қилган ота устидан Омбудсманга мурожаат йўлланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Жиззах вилоятидан Б.О. набирасига отаси томонидан босим ва зўравонлик қилинаётгани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатчининг ёзишича, қизи К.С. 2022 йилдан буён Кореяда ишлаётгани, унинг 8 ёшли ўғли эса эрининг қарамоғида қолган. Мурожаатга илова қилинган видеоёзувда эр-хотин видео қўнғироқ орқали жанжаллашганида, ота ўғлининг бўғзига пичоқ тирагани акс этган. Шунингдек, аёл эри томонидан кўп маротаба калтаклангани ва соғлиғига зарар етгани ҳақида гапирган.

Мурожаат дарҳол Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилди.

Аниқланишича, ҳозирда фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғли бувиси билан яшамоқда. Бола билан суҳбат ўтказилганда, ота-онаси ўртасидаги салбий муносабатдан норози эканлигини, отаси билан яшашни хоҳламаслиги ҳамда бувиси билан қолишни исташини билдирган. Шундан сўнг, фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғлига бувиси вақтинчалик васий этиб тайинланди.

Ота эса вояга етмаган фарзандига нисбатан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этганликда айбланиб, жиноят иши қўзғатилган.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати