Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳасида қандай янги нормалар акс этган?
Жорий йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, концептуал маъқулланган эди.

Ушбу қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

-давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби;

-Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи;

-Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этиш;

-Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи;

-Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари мақоми;

-Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

-Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида  тақдимнома киритиш;

-давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида, шу жумладан Олий суд Пленуми мажлисларида Омбудсманнинг иштирок этиш ҳуқуқи;

-жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида «Омбудсман қутиси»ни сақлашнинг ҳуқуқий механизмлари, унда эркинликдан маҳрум этилган шахслар томонидан мурожаатларни жойлаштириш тартиби.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати