Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сенат қўмитаси мажлисида Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи янги таҳрирдаги қонун муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун 8 та боб, 57 та моддадан иборат бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарорлари, шунингдек янгиланган Конституция асосида ишлаб чиқилди. Амалдаги қонун эса 22 модда ва бир нечта прим моддалардан иборат эди.

Ушбу Қонун мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни янада тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган. Жумладан, қонунга мувофиқ Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ҳуқуқий фаолияти ҳамда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларнинг доимий асосда ишлаши ва мониторинг ташрифларидаги иштироки ва бошқа нормалар ҳам белгиланмоқда.

Қонунда Омбудсманнинг таъсир чораларини аниқ белгилаш мақсадида уларнинг турлари (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда акс эттирилиб, алоҳида моддаларда ифода этилди.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириши, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириши ва унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайишига ҳамда ҳудудлардаги иштирокини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати