Мазкур Қонун 8 та боб, 57 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясига мувофиқлаштирилган. Амалдаги қонун эса 22 модда ва бир нечта прим моддалардан иборат эди.
Мазкур Қонун мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни тўлақонли таъминлаш ва кучайтиришни назарда тутувчи бир қатор ўзгаришларни ўз ичига олган. Хусусан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланмоқда.
Қонун билан Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Шунингдек, Қонунда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларининг ҳуқуқий фаолияти ҳамда Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларнинг доимий асосда ишлаши, мониторинг ташрифларидаги иштироки, маҳкум ва маҳбусларнинг “Омбудсман қутиси” орқали мурожаат қилишининг ҳуқуқий механизми ҳам мустаҳкамланмоқда.
Қонунда Омбудсманнинг таъсир чораларини аниқ белгилаш мақсадида уларнинг турлари (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда акс эттирилиб, алоҳида моддаларда ифода этилди.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини тўлдиради ҳамда Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди.
Унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатлари кенгайишига ва ҳудудий вакилликлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати