Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатнинг ишончли кафолати
2024 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлатнинг ишончли кафолати” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Қуролли кучлари академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари ва қатор олий таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этишди.
Конференцияда иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни қуришдаги роли, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва ижтимоий фаровонлигини кафолатлаш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишди.
Тадбирда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ўз нутқида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда Конституциянинг аҳамияти, унинг қоидаларини амалиётга жорий этишдаги устувор вазифалар ҳамда Омбудсман институтининг ушбу жараёндаги ролига алоҳида тўхталди.
Илмий-амалий конференция якунларига кўра, Бош қомусимизнинг демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлатни қуришдаги аҳамиятини таҳлил қилиш, Конституция нормаларини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати