Ҳамкорликни амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили ва Касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши билан биргаликда Навоий вилояти Ғазғон шаҳри Кўп тармоқли марказий поликлиникасида оммавий соғломлаштириш тарғибот тадбири ўтказилди.
Тиббий кўрикка “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг олий тоифали шифокорлари, шаҳар тиббиёт бирлашмасининг тор доирадаги мутахассислари жалб этилди. Унда «Мармаробод», «Тумор», «Гулистон» ва «Шайхон» маҳаллаларида истиқомат қилувчи ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож 200 нафардан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 94 нафар фуқарога 11 турдаги 38 млн сўмлик дори-дармонлар бепул тарқатилди.
Шунингдек, “Инсон саломатлиги ҳар нарсадан қадрли”, “Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишнинг афзалликлари” "Юқумли касалликларнинг олдини олиш", "Она ва бола саломатлиги" мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилди ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар тарқатилди.
Тадбир доирасида ташкилотчилар томонидан тиббий муассасада яратилган шароитлар, шаҳар аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги амалга оширилган ишлар ўрганилди.
Шу билан бирга аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган шаҳар тиббиёт ходимларининг бир гуруҳига ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар топширилди.Омбудсманнинг Навоийдаги минтақавий вакили унга мурожаат қилиш истагида бўлган фуқаролар билан ҳоли тарзда суҳбатлашди. Қабул якунларига кўра 6 нафар фуқаро мурожаати ижрога қаратилди, қолган мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати