Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Асоссиз равишда интизомий чоралар қўлланилиб, ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакилига фуқаро М.Б. ноҳақ ишдан бўшатилгани бўйича мурожаат қилган эди.

Мурожаатда кўрсатилишича, фуқаро М.Б. Фарғона тумани Касб-ҳунарга ўқитиш марказида 0,5 ставка юрисконсульт, 0,5 ставка иш юритувчи лавозимида ишлаб келган. Лекин, марказ директорининг буйруқлари билан ноқонуний равишда интизомий жавобгарликка тортилиб, ишдан бўшатишгача чоралар кўрилган.

Мазкур ҳолат Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан вилоят бандлик Бош бошқармаси мутахассислари жалб қилинган холда ўрганилди. Аниқланишича, мурожаатчига Марказ директорининг буйруғи билан 2 та “ҳайфсан” ва 1 маротаба ойлик иш хақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий чоралари қўлланилгани ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3,4-бандларига асосан Меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ўрганиш жараёнида меҳнат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқлангани сабабли, Давлат Меҳнат инспекцияси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига юқорида кўрсатилган қонунга зид буйруқларни бекор қилиш ва М.Бни ишга тиклаш, мажбурий прогул даври учун иш хақи ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилди ва фуқаро М.Б. ўз лавозимига тикланди. Мажбурий прогул кунлари учун 3 млн сўм иш хақи ундирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати